Ички ишлар вазирлиги академиясида олима аёллар, илмий изланиш олиб бораётган тадқиқотчилар ва курсант қизлар иштирокида учрашув ўтказилди.
Халқаро илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар куни муносабати билан ташкил қилинган тадбир аввалида ўқув даргоҳи бошлиғи ўринбосари Бобур Дадажонов сўз олди.
Юртимизда хотин-қизларнинг таълим олиши, илмий фаолият билан шуғулланиши учун яратилаётган улкан имкониятлар, олима аёлларнинг мамлакат илм-фани ва жамият ривожидаги ўрни эътироф этилди. Барча соҳалар сингари ички ишлар органлари тизимида ҳам илмий салоҳиятга эга хотин-қизлар улуши сезиларли даражада олиб бораётгани таъкидланди.
Учрашувда академиянинг фаол хотин-қизларидан Мақсуда Хўжаназарова, Насиба Турғунова, Розия Бўронова, магистратура тингловчиси Ҳидоят Тўраева, кундузги таълим курсанти Сабина Камолова ва бошқалар сўзга чиқди. “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган устувор мақсад ва вазифалар”, “Илмли аёл – жамият кўзгузи”, “Илм-фан ва инновацияларни ривожлантиришда хотин-қизларнинг роли” каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Ёшларни илм-фанга кенг жалб қилиш, “устоз-шогирд” анъаналари асосида илмий тўгараклар фаолиятини кучайтириш, иқтидорли қизлар учун янги имкониятлар яратиш, шу орқали таълим жараёнини янада такомиллаштириш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Тадбир сўнггида илм-фанни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ фаол хотин-қизлар рағбатлантирилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати