17–19 октябрь кунлари Нукусда юнон-рум, эркин кураш ва аёллар кураши бўйича “New Uzbekistan” халқаро мусобақаси бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг “Спорт курашларининг олимпия турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида илк маротаба ташкил этилган мусобақада республикамизнинг барча ҳудудлари ҳамда Қозоғистон, Беларусь, Тожикистон, Туркманистон ва бошқа давлатлардан 300 нафарга яқин иштирокчи 14 та вазн тоифасида совринли ўринлар учун курашди.
Муросасиз курашларга бой ўтган мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳар уч йўналишда муваффақиятли иштирок этишди. Қувонарлиси, аёллар кураши баҳсларида юртимиз шарафини ҳимоя қилган ИИВ Академияси курсанти Муяссар Кушмуротова ўз вазн тоифасида (62 кг) барча рақибларини мағлубиятга учратиб, олтин медал ҳамда чемпионлик камарини қўлга киритди.
Шу тариқа умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари биринчи, Беларусь ва Қозоғистон жамоалари мос равишда иккинчи ҳамда учинчи ўринни қўлга киритишди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати