Волгоград Ички ишлар вазирлиги академиясида “Полиция кадрларини тайёрлаш: тажриба ва анъаналар” мавзуига бағишланган илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Халқаро анжуманда МДҲга аъзо давлатларнинг 20 дан ортиқ турдош олий таълим муассасалари, шу жумладан, Ўзбекистон Респубиликаси ИИВ академиясидан вакиллар, эксперт ва олимлар, ёш тадқиқотчилар ҳамда курсантлар иштирок этди.
Ялпи мажлис ва сессиялар кўринишида давом этган конференцияда ички ишлар (полиция) органлари учун кадрлар тайёрлашнинг бугунги ҳолати, бу борада амалиётга жорий қилинган илғор ёндашув ва тажрибалар, инновацион таълимни ривожлантириш тенденциялари атрофлича муҳокама қилинди. Сўзга чиққанларнинг долзарб мавзудаги маърузалари, илмий асосланган таклифлари тингланди.
Айтиш жоизки, конференция доирасида вакилларимиз Волгоград академияси фаолияти билан танишиб, ихтисослик кафедраларида йўлга қўйилган илғор ёндашувлар, таълим жараёнида қўлланилаётган замонавий техник восита ва дастурларни кўздан кечирдилар. Бундан ташқари, мазкур таълим муассасасида таҳсил олаётган ўзбекистонлик курсантлар билан учрашиб, мулоқот қилдилар.
ИИВ академияси Ахборот хизмати