ИИВ академияси ва Қатар полиция академияси ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди.
Доҳа шаҳрида ўтган учрашувда таълим муассасалари вакиллари икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари юзасидан мулоқот қилдилар.
Қатар полиция академияси раҳбари Абдулраҳмон Мажид ал-Сулаити давлатларимиз ўртасидаги алоқалар юксак ишонч руҳи билан ривожланиб бораётгани, таълим соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш келгусидаги мақсадлар сари муҳим қадам бўлишини эътироф этди.
Делегациямиз раҳбари, ИИВ академияси бошлиғи ўринбосари Руфтулло Нигматов замонавий тараққиёт йўлидан бораётган Қатар Давлатининг рақамли технологиялар, киберхавфсизлик, замонавий таълим ва бошқа йўналишдаги илғор тажрибаларини ўрганиш ижобий натижа беришини алоҳида таъкидлади.
Учрашувда манфаатли йўналишларда алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилиниб, ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжат имзоланди.
Қатар сафари давомида вакилларимиз Қатар полиция академияси фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар. Ўзаро мулоқотда юқори малакали кадрлар тайёрлаш борасида Қатар ва Ўзбекистон тажрибасининг ўзига хос жиҳатлари хусусида маълумот алмашилди. ИИВ академиясида татбиқ қилинган ўқитиш механизмлари қатарлик ҳамкасбларимизда ижобий таассурот қолдирди.
Шу билан бирга, делегациямиз аъзолари Доҳа полиция департаменти, Қатар миллий музейи, Ислом санъати музейида бўлиб, хорижий таассуротларини бойитдилар.
ИИВ академияси Ахборот хизмати