Маҳаллалар ободлиги ва хавфсизлиги криминоген вазият барқарорлигига бевосита боғлиқ. Бунинг учун ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, аҳоли ўртасида жиноятчиликка муросасизлик муҳитини яратиш лозим.
ИИВ академияси раҳбари Рустам Хатамов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Сурхондарё вилояти маҳаллалари илмий ёндашувлар асосида ўрганилиб, жорий йилнинг 11 ойида қайд этилган жиноятлар, уларнинг сабаб ва шарт-шароитлари, ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар, ҳудудларга салбий таъсир кўрсатаётган криминоген омиллар ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси субъектлари фаолияти таҳлил қилинди.
Ҳудуд масъуллари, маҳалла фаоллари ва “еттилик” аъзолари иштирокида бўлиб ўтган учрашувларда фирибгарлик, ўғрилик, тан жароҳати етказиш каби салмоғи юқори жиноятларнинг барвақт олдини олиш, “қизил” тоифадаги маҳаллаларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Термиз шаҳрининг “Алпомиш”, “Афросиёб”, “Шодлик”, “Гулистон” маҳаллалари жойига чиққан ҳолда ўрганилиб, жиноятчиликни жиловлаш, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида аҳолининг барча қатлами вакиллари билан манзилли ишлаш юзасидан тавсиялар берилди.
Таъкидлаш жоизки, ҳуқуқбузарлик ёки жиноят ўз-ўзидан содир этилмайди. Бунинг таг-замирида муайян сабаб ёхуд шарт-шароит ётади. Қонунга хилоф равишда содир этилган қилмишларнинг аксарияти ғайриижтимоий хулқ-атвор, шу билан бирга, ҳуқуқий маданиятнинг шаклланмагани туфайли юзага келади. Шу боис, жойлардаги учрашувлар чоғида аҳолининг ҳуқуқий онгини юксалтириш, жамиятда жиноятчиликка муросасизлик муҳитини шакллантириш, ижтимоий профилактика субъектларининг ушбу йўналишдаги ҳамкорлигини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Мухтасар қилиб айтганда, ишчи гуруҳнинг Сурхондарё вилоятига сафари чекка-чекка ҳудудлар муаммоларини ўрганиш, аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш, жиноятчиликни жиловлашга қаратилган чора-тадбирларни муҳокама қилиш, фаолиятни самарали ташкил этиш бўйича янги таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқишда айни муддао бўлди. Бундан ташқари, ишчи гуруҳ вакиллари томонидан ички ишлар органлари бошлиқлари ўринбосарлари ва соҳавий хизматлар раҳбарлари учун ташкил қилинган машғулотлар келгусида криминоген вазиятни яхшилашга хизмати қилиши, шубҳасиз.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати