Мамлакатимиз ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларда соҳа ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада давлатимиз раҳбарининг “Ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этди. Мазкур қарор асосида ходимлар фарзандларига олий таълим муассасаларига имтиёзли ўқишга кириш ҳуқуқини берадиган тавсияномалар бериш йўлга қўйилди.
Шу муносабат билан ИИВ Академиясида ўтказилган тадбирда самарали фаолияти билан тизим равнақига ҳисса қўшаётган ходимлар, профессор-ўқитувчилар ва уларнинг оила аъзолари иштирок этди. Сўзга чиққанлар ички ишлар органларини профессионал халқчил тузилмага айлантириш мақсадида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар изчил самара бераётганини таъкидлаб ўтишди. Тадбирда бир гуруҳ ходимлар ва магистратура тингловчиларига имтиёзли тавсияномалар тантанали равишда топширилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати