Ички ишлар вазирлиги академиясида ижтимоий профилактикани самарали ташкил этишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда Юнусобод тумани ИИОФМБ мутасаддилари, “Биллур” МФЙ вакиллари, “ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти” ихтисослик йўналишида таълим олаётган курсантлар ва профессор-ўқитувчилар иштирок этди.
Учрашувда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳаллаларда амалга оширилаётган ижтимоий профилактика чора-тадбирлари, эришилаётган ижобий натижалар ва йўл қўйилаётган камчиликлар юзасидан фикр алмашилди.
Сўзга чиққанлар ижтимоий профилактиканинг мазмун-моҳияти, “маҳалла еттилиги” вакилларининг ижтимоий профилактика объектлари билан амалга оширадиган чора-тадбирлари, ҳужжатларни юритиш тартиби, маҳаллалар, айниқса “қизил тоифа”даги ҳудудларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятликни жиловлаш каби долзарб масалаларга тўхталдилар.
– Маҳалла тизимига жорий қилинаётган илғор ёндашувлар фаолиятимиз натижадорлигини янада оширмоқда. Ижтимоий профилактика борасида хотин-қизлар фаолига ҳам аниқ вазифалар юклатилган. Ҳозирда ҳар бир йўналиш бўйича тизимли ишларни амалга ошириб, маҳалламиз ободлигига ҳисса қўшиб келаяпмиз, – дейди “Биллур” МФЙнинг хотин-қизлар фаоли Мухлиса Сулаймонова.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбир давомида курсантлар маҳаллаларда ижтимоий профилакатика доирасида амалга ошириладиган ишлар юзасидан зарур билим ва кўникмаларга эга бўлишди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати