Душанбе шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари ИИВ (полиция) таълим муассасалари ассоциациясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Гибрид форматда ўтказилган йиғилишда Россия Федерацияси ИИВ тасарруфидаги Бошқарув академияси, Волгоград академияси, Шарқий Сибирь институти, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси ва Малака ошириш институти, Қозоғистон Республикаси ИИВ Олмаота академияси, Қарағанда академияси, Қозоғистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар академияси, шунингдек Беларусь Республикаси ИИВ Академияси, Озарбайжон Республикаси Қора денгиз ва Каспий минтақаси юристлар уюшмаси, Қатар Полиция академияси ҳамда Тожикистон Республикаси ИИВ Академияси вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда Ҳамдўстликка аъзо давлатларда таълим интеграциясини кучайтириш, ички ишлар органлари учун малакали раҳбар кадрлар тайёрлаш, бу борада ҳамкор ўқув муассасалари ўртасида ўзаро тажриба алмашинувини кенгайтириш орқали ижобий ёндашувларни оммалаштириш, рақамли таълимни кенг жорий қилиш, глобал таҳдидлар ва трансмиллий жиноятларга қарши курашиш бўйича замонавий ёндашувларни ишлаб чиқиш ва бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинди. Ассоциацияга аъзо таълим муассасаларининг мазкур соҳага оид илғор тажрибалари билан танишилди.
Шунингдек йиғилиш иштирокчилари истиқболдаги устувор йўналишлар юзасидан фикр алмашдилар. Ҳамкор муассасалар географиясини кенгайтириш, ўзаро тенглик ва манфаатдорлик тамойилларига асосланган ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш таълим самарадорлигига хизмат қилиши таъкидланди. Шу куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси ассоциация доимий аъзолигига қабул қилинди. Қозоғистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар академияси ва Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти эса ассоциациянинг кузатувчи мақомига эга бўлишди. Ассоциациянинг навбатдаги йиғилишига Россия Федерацияси ИИВ Бошқарув академияси мезбонлик қилади.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати