Жорий йилнинг 27 июнидан Ички ишлар вазирлиги академиясида “Абитуриент–2022” тадбири бошланди. Айни кунларда таълим муассасасида ўқиш истагини билдирган номзодлар махсус касбий танлов ҳамда якка тартибдаги якуний суҳбатдан иборат жараёнларда иштирок этишмоқда.
Айтиш жоизки, бу йил Академиянинг кундузги таълим шаклига 3 мингдан зиёд номзод ҳужжат топширди. Номзодларнинг аксариятини вазирлик академик лицейлари, ҳарбий академик лицейлар битирувчилари, шунингдек ички ишлар органи ходимлари, профилактика инспектори ёрдамчилари ҳамда фуқаролик таълим муассасалари битирувчилари ташкил этади.
Кириш имтиҳонлари олдидан абитуриентлар учун барча шарт-шароитлар яратилди. Номзодларга Академия ётоқхонасидан алоҳида турар-жойлар ажратилди. Имтиҳон жараёнларининг очиқ ва шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида видеокузатув мосламалари ўрнатилди. Абитуриентларнинг овқатланиши ва кириш имтиҳонларига тайёргарлик кўриши учун қўшимча қулайликлар яратилиб, санитария-гигиена талаблари кучайтирилди.
Қабул комиссияси вакилларининг таъкидлашича, “Абитуриент–2022” тадбири уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда. Республикамизнинг ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирлиги (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри)дан келган номзодлар учун уч кун ажратилган. Дастлаб, ҳар бир номзод мутахассислар томонидан ҳарбий-тиббий комиссия текширувидан ўтказилади. Соғлигининг ҳолатига кўра ўқишга яроқли деб ҳисобланган номзод психофизиологик ўрганиш, ёзма иш (баён), умумжисмоний тайёргарлик ҳамда чет тилларини ўзлаштирганлик даражасини баҳоловчи синовларда иштирок этади. Махсус касбий танлов давомида 60 ва ундан юқори баллни тўплаган номзодларга якка тартибдаги якуний суҳбатда иштирок этиш имконияти берилмоқда.
Якка тартибдаги якуний суҳбатда эса абитуриентларнинг ҳуқуқшунослик, Ўзбекистон ва жаҳон тарихи, адабиёт, маънавият асослари ва миллий истиқлол ғояси ҳамда тарбия фанларидан эгаллаган билим салоҳияти имтиҳон қилинмоқда.
Шуни ҳам айтиш керакки, махсус касбий танлов ҳамда якка тартибдаги якуний суҳбат жараёнида номзодлар олган баллар шу ернинг ўзида эълон қилиняпти. Мазкур натижалар билан “akadmvd.uz” расмий веб-сайти орқали танишиб бориш имкониятининг яратилгани эса ўқиш истагидаги ёшлар ва уларнинг ота-оналари учун қўшимча қулайлик яратмоқда.
Кириш имтиҳонлари 10 июль кунига қадар давом этади.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати