Шу муносабат билан якуний давлат аттестация комиссияси аъзолари иштирокида ўтказилган йиғилишда вазир ўринбосари, генерал-майор Азизбек Икрамов иштирок этди.
Жорий ўқув йилида Академиянинг кундузги таълим йўналишини 631 нафар курсант тамомлайди. Ўтган уч йил мобайнида тасдиқланган давлат таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режа ва дастурлари асосида машғулотлар ўтказилиб, асосий эътибор назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаган ҳолда кадрларни мақсадли тайёрлашга қаратилди. Ўқув жараёнига Академия профессор-ўқитувчилари билан бирга, ички ишлар органларининг тажрибали амалиёт ходимлари, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва турдош олий таълим муассасаларидан малакали мутахассислар жалб қилинди. Хусусан, курсантларнинг келгусидаги амалий фаолиятга қисқа фурсатда киришиб кетишини таъминлаш мақсадида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб ўқув тергов-тезкор гуруҳлари, онлайн мастер-класс машғулотлари, базавий амалиёт сингари ўқитишнинг мутлақо янги механизмлари жорий этилди.
Йиғилиш аввалида Ички ишлар вазири ўринбосари Азизбек Икрамов сўз олиб, давлатимиз раҳбарининг ПҚ–5076-сон қарори асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг самарали тизимлари ҳақида тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг таълим маскани раҳбари Рустам Хатамов ўқув жараёнидаги янгиланишлар, айниқса ёш кадрларга қўйилаётган замонавий талаблар ҳақида гапирди. “Битирувчиларнинг амалиёт органларида самарали хизмат қилишлари эгаллаган пухта билим ва амалий кўникмаларига боғлиқ, – деди Академия бошлиғи. – Ҳудудий ва жамловчи ички ишлар органларида ташкил этилган малакавий иш ўрганиш амалиёти даврида айни шу жиҳатлар муҳим аҳамият касб этди. Бундан ташқари, жорий ўқув йилида “Финал” комплекс ўқув машқларини ўтказиш қайтадан йўлга қўйилди. Таълим жараёнига татбиқ қилинган бу каби ёндашувлар кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш баробарида, курсантларнинг амалиётга қисқа фурсатда мослашишига ёрдам беради”.
Йиғилишдв якуний давлат аттестациясини ташкил этиш бўйича Ички ишлар вазири ҳамда Академия бошлиғининг тегишли буйруқлари йиғилганлар эътиборига етказилди. Аттестация комиссиялари раислари ва аъзоларига имтиҳонларни адолат меъёрлари асосида холисона ва шаффоф ўтказиш, амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари ҳамда хизмат интизоми ва қонунчиликка қатъий амал қилиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати