Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Ички ишлар вазирининг матбуот котиби нималар деди?

12 Октябрь 2021, 05:10

1670

Муомала маданияти – ички ишлар органлари ходими хизмат фаолиятининг муҳим мезонларидан бири саналади. Глобал ахборот маконидаги ўзгаришлар шароитида ушбу омил соҳа нуфузини янада оширади.   

Ички ишлар вазирлиги академиясида ўтказилган давра суҳбати ана шу долзарб мавзуга бағишланди. Ихтисослашган кафедралар профессор-ўқитувчилари, кундузги таълим бакалавриатининг 3-босқич курсантлари иштирок этган тадбирда Ички ишлар вазирининг матбуот котиби – Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси бошлиғи, полковник Шоҳрух Гиясов маъруза қилди.

Унинг таъкидлашича, глобаллашув даврининг муҳим талабларидан бири – бу ахборот хуружларига қарши самарали курашишдир. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, жумладан, ички ишлар органлари ходимларининг хизмат фаолияти кенг жамоатчилик эътибор-марказида бўлади. Соҳа вакилларининг хизматда, ҳатто хизматдан ташқари пайтдаги хулқ-атвори, хатти-ҳаракати ҳам тизим нуфузига таъсир кўрсатади.

– Сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситалари орқали ички ишлар органлари ходимлари ва фуқаролар ўртасидаги зиддиятли ҳолатлар акс этган хабар ёхуд видеолавҳалар кенг тарқатилмоқда. Афсуски, бу чиқишларнинг аксарияти ҳамкасбларимизнинг фаолиятига салбий баҳо бериш, ички ишлар органлари вакилининг обрўсини тўкиш ва унга нисбатан жамиятда ишончсизлик муҳитини шакллантиришга қаратилган. Бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун ходимларда, энг аввало, мулоқот маданиятини юксак даражада шакллантиришимиз керак, – деди Ш.Гиясов.  

Давра суҳбатида соҳа ходимининг касбий фаолиятидаги устувор вазифалар, фуқаролар ва кенг жамоатчилик билан ишлаш мезонлари, тизим фаолиятини самарали ташкил этишда одоб-ахлоқ нормаларига риоя этиш, айниқса фуқаролар билан муносабатда шахсий намуна кўрсатиш борасида мулоҳазалар билдирилди.

 

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech