Ички ишлар вазирлиги академиясида ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди.
Тадбирда вазирликнинг Тошкент шаҳри ва вилоятидаги академик лицейлари, ихтисослаштирилган мактаб-интернати ҳамда Мирзо Улуғбек туманидаги 121-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари иштирок этди.
Ўқувчилар Ахборот-ресурс маркази, саф майдони, спорт мажмуаси, Маънавият ва маърифат марказидан жой олган музейлар, айниқса “Ватанпарварлик бурчаги”ни кўздан кечириб, ўқув даргоҳининг тарихи ва бугуни ҳақида таассуротга эга бўлишди. Курсантларнинг касбий билим ва кўникмаларни эгаллаши, спорт билан шуғулланиши, маънавий-маданий ҳордиқ олиши учун яратилган имкониятлар ҳақида маълумот берилди.
– Ички ишлар ходими бўлиш келажакдаги улкан мақсадим, – дейди ИИВ ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчиси Зафар Эргашев. – Академияда яратилган замонавий шарт-шароитларни кўриб, курсант акаларимга ҳавас қилдим. Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур каби буюк саркарда боболаримиз жасоратига атаб бунёд этилган синфхоналар, ички ишлар тизимида самарали хизмат қилган устозларнинг ибратли фаолияти танлаган касбимизга бўлган садоқатимизни янада кучайтирди.
Тадбир давомида ўқувчилар иштирокида давра суҳбати ҳам ташкил қилинди. Соҳа фахрийси, истеъфодаги полковник Сулаймон Валиев эл-юрт тинчлиги ва осойишталиги йўлида хизмат қилишнинг ўзига хос масъулияти, тизимда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, айниқса ички ишлар органлари ходимларининг касбий ва жанговар-жисмоний тайёргарлигини юксалтириш борасида олиб борилаётган тизимли ишларга тўхталиб, Академияда йўлга қўйилган замонавий таълим жараёнлари ҳақида сўзлаб берди. Истеъдодли курсантлар томонидан тайёрланган концерт дастури тадбирга якун ясади.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати