Мустаҳкам оила – жамият таянчи. Бундай оилаларда турмуш фаровон бўлади, юртнинг эртанги куни учун баркамол авлод вояга етади. Халқимизга хос бебаҳо қадриятлар ҳам бахтиёр оилаларда бўй кўрсатади.
ИИВ Маданият саройида “Намунали оила” кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди. Унда ички ишлар органлари таркибий тузилма ва ҳудудий бўлинмаларидан жами 17 та жамоа иштирок этди.
Кўрик-танлов қатнашчилари “Танишув”, “Бу менинг оилам” ва “Биз – китобхон оиламиз” шартлари бўйича ўзаро беллашдилар. Ҳар бир оиланинг чиқиши, танловга тайёргарлиги, айниқса иштирокчиларнинг билим салоҳияти, истеъдоди, ижодий қобилият ва бошқа жиҳатлари ҳакамлар ҳайъати томонидан холисона баҳолаб борилди.
Қизиқарли саҳна кўринишлари, ҳаяжонли баҳсларга бой ўтган тадбир сўнггида энг зукко, ташаббускор ва фаол оилалар саралаб олинди. Унга кўра, Фарғона вилояти ИИБ вакили, майор Акмалжон Ҳайдаров оиласи биринчи ўринни, ИИВ Академияси вакили, лейтенант Азизбек Зияев оиласи иккинчи ўринни, ИИВ Жазони ижро этиш департаменти ходимаси, сафдор Шаҳноза Эшмўминова оиласи учинчи ўринни эгаллади.
Ғолиб ва совриндорлар диплом, китоб жамланмаси ҳамда пул мукофоти билан тантанали равишда тақдирланди. Шунингдек кўрик-танловнинг бир гуруҳ фаол иштирокчилари Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Ички ишлар вазирлиги томонидан эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати