Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда ИИВ академияси ташаббуси билан пойтахтимиздаги Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясида ҳуқуқий тарғибот тадбири ташкил қилинди.
Таълим муассасаси раҳбарияти, талабалар ва профессор-ўқитувчилар иштирокида ўтган тадбирда ИИВ академияси магистратураси тингловчиси, подполковник Сардорбек Юсупов сўзга чиқиб, жамият ҳаётига хавф солаётган маънавий таҳдидларга тўхталди.
Тадбирда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг инсон саломатлигига таъсири, улар билан ноқонуний муомала қилишнинг ҳуқуқий оқибатлари, мафкуравий ғоя ва хуружлар ортига яширинган ғаразли мақсадлар, гиёҳвандлик ва диний ақидапарастлик таъсирига тушиб қолган ёшлар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар, уларнинг асл омиллари, маънавий таҳдидларга қарши курашиш чоралари ҳақида атрофлича тушунча берилди.
Ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш мақсадида ўтказилган тадбир уларнинг ҳуқуқий онги ва масъулиятини оширишга хизмат қилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати