ИИВ академияси профессор-ўқитувчилари томонидан Навоий вилоятининг криминоген вазияти оғир маҳаллалари ўрганилмоқда.
Маълумки, бу борада давлатимиз раҳбарининг алоҳида қарори қабул қилиниб, маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган эди.
Шундан келиб чиқиб, ишчи гуруҳ вакиллари криминоген вазияти мураккаб ҳудудларга чиққан ҳолда ҳар бир жиноятнинг асл омилларини таҳлил қилишмоқда. Ҳозирга қадар “қизил”, “сариқ” тоифага киритилган 20 та маҳалла ўрганилди. Жиноятлар кўп содир этилаётган ҳудудларда 14 та “жиноят ўчоғи” аниқланди. Масъуллар билан биргаликда ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва шароитлари муҳокама қилиниб, криминоген вазиятни яхшилашга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Жиноятчиликни жиловлашда илғор ёндашувларни амалиётга татбиқ этиш ижобий натижа беради. Ҳудудларни ўрганиш жараёнида “маҳалла еттилиги” аъзолари учун сайёр машғулотларнинг ташкил қилинаётгани бу борада айни муддао бўлмоқда.
Айтиш жоизки, шу кунгача Навбаҳор, Кармана туманлари ҳамда Зарафшон ва Навоий шаҳарларида тизимли ишлар амалга оширилди. “Қизил”, “сариқ” тоифадаги барча маҳаллалар ўрганиб бўлингач, янги тажрибалар амалиётга татбиқ қилинади.
ИИВ академияси Ахборот хизмати