Ички ишлар вазирлигининг тегишли фармойишига биноан, Қашқадарё вилоятидаги туман (шаҳар) ички ишлар органларида сайёр ўқув курслари ташкил қилинди.
Тизимдаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, ходимларнинг касбий фазилатлари ва мулоқот маданиятини юксалтириш мақсадида ташкил этилган машғулотларга профилактика инспекторлари ва психологлар жалб қилинди. Машғулотлар ИИВ Академияси, Қарши давлат университети ҳамда вазирликнинг Қашқадарё академик лицейи профессор-ўқитувчилари томонидан интерфаол ёндашувлар асосида олиб борилди.
Ички ишлар органлари тизимидаги изчил ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятини замон талаблари даражасида ташкил этиш, ҳозирги мураккаб шароитда соҳа ходимларига қўйилаётган долзарб талаблар, профилактика инспекторларининг касбий фазилатларини юксалтириш, аҳоли билан “маҳаллабай”, “оилабай” ва “фуқаробай” ишлашнинг аҳамияти, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олишда маҳалла “бешлиги” билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш ва бошқа мавзуларга бағишланган машғулотлар ўқув курслари иштирокчилари учун фойдали кўникмаларга бой бўлди.
Машғулотлар якунида ходимларга малака оширганлиги тўғрисида сертификатлар берилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати