Шу кунларда Республика идоралараро ишчи гуруҳи томонидан Фарғона вилояти бўйлаб ўрганишлар олиб борилмоқда.
Маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, аҳолининг барча қатламлари муаммоларини ўрганиш, мавжуд масалаларни ҳал этиш мақсадида амалга оширилаётган ўрганишларга Ички ишлар вазирлиги академияси профессор-ўқитувчилари ҳам жалб қилинган.
Хусусан, академия вакиллари томонидан ҳудудларнинг криминоген вазияти, жиноятчилик сабаблари, бунга имкон бераётган шарт-шароитлар, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар илмий-амалий ёндашувлар асосида таҳлил қилинмоқда.
Ўтган қисқа вақт мобайнида “Қўрғонча”, “Фурқат”, “Милтиқсоз”, “Юлдуз”, “Ёшлар”, “Бешбола” ва бошқа маҳаллаларнинг криминоген аҳволи ўрганилди. Муаммолар жойларнинг ўзида муҳокама қилиниб, фаолият самарадорлигини ошириш бўйича масъулларга амалий тавсиялар берилди.
Бундан ташқари, академия профессор-ўқитувчилари томонидан туман-шаҳар ички ишлар ҳамда миллий гвардия бўлимларининг ўрта бўғин раҳбарлари учун машғулотлар ўтказилди. Бунда жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчиликни жиловлаш, аҳоли билан манзилли ишлаш борасидаги устувор вазифалар, мазкур фаолиятни ташкил этишнинг самарали мезонлари тушунтирилиб, раҳбар кадрларнинг бошқарув салоҳияти оширилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати