Яқинда давлатимиз раҳбарининг “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорга биноан ИИВ академиясининг тажрибали профессор-ўқитувчиларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан Бухоро вилоятида ўрганишлар олиб борилмоқда.
Қарорда назарда тутилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокими Б. Зарипов, Миллий гвардия қўмондони Р. Жўраев, ИИВ академияси бошлиғи Р. Хатамов, шунингдек, секторлар, манфаатдор идора ва ташкилотлар мутасаддилари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, Президентимиз қарорининг мазмун-моҳияти етказилди.
Шунингдек вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ҳудудий сектор бошлиқлари ва криминоген вазияти мураккаб маҳаллаларнинг “маҳалла еттилиги” аъзолари билан биргаликда сайёр учрашувлар ташкил қилинди. Унда ҳудудлардаги аҳвол танқидий-таҳлилий руҳда муҳокама қилиниб, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш чора-тадбирларини самарали ташкил этиш юзасидан фикр алмашилди.
Айтиш жоизки, давлатимиз раҳбари қарорида маҳаллаларнинг криминоген вазиятини илмий-амалий жиҳатдан ўрганиш, ҳудудлар бўйича методикалар яратиш, жиноятчиликни жиловлашнинг илғор ёндашувларини амалиётга татбиқ этиш устувор вазифа этиб белгиланган.
Ўтган давр мобайнида ИИВ академияси ишчи гуруҳи томонидан “қизил”, “сариқ” тоифаларга киритилган 29 та маҳалла ўрганилди. Ҳуқуқбузарликларнинг асл омилларини таҳлил қилиш асносида 96 та “жиноят ўчоғи” аниқланди. Маҳаллаларда криминоген вазиятни яхшилашга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди. Шу билан бирга, Бухоро вилояти мисолида ўғирлик жиноятининг барвақт олдини олиш бўйича ҳудуд методикасини яратиш ишлари бошлаб юборилди.
Айни кунларда ўрганишлар изчил давом эттирилмоқда. Фаолиятнинг янгича тизимда, комплекс тарзда ташкил қилинаётгани кўзланган натижани кўрсатади албатта.
ИИВ академияси Ахборот хизмати