Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

ҲАМКОРЛИКНИ ФАОЛ РИВОЖЛАНТИРИШГА КЕЛИШИБ ОЛИНДИ

30 Октябрь 2023, 09:10

884

ИИВ Академиясига Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Али Риза Тезжан ташриф буюрди. Учрашув чоғида ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. 

Мулоқот аввалида Академия раҳбари мартабали меҳмонни Туркия Республикасининг Жумҳурият байрами билан самимий қутлади.

– Халқларимизни азалий дўстлик, ўхшаш тил ва маданият, мустаҳкам қардошлик ришталари боғлаб туради. Айниқса сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия муносабатлари тарихида мутлақо янги давр бошланди. Ўзаро ҳамкорлик алоқалари бугун барча соҳаларда барқарор ва жадал суръатларда ривожланиб бормоқда. Биз икки давлатнинг бу борадаги фаол ташаббус ва интилишларини юксак даражада қадрлаймиз, – деди Рустам Хатамов.

Учрашувда Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлигининг мамлакатимиздаги фаолияти эътироф этилди. Ўтган йиллар мобайнида туркиялик ҳамкорларимиз билан биргаликда  таълим, соғликни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, туризм ва ижтимоий аҳамиятга молик бошқа соҳаларда истиқболли дастур ҳамда лойиҳалар амалга оширилгани, ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳим аҳамият касб этаётгани алоҳида таъкидланди.

– Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар тобора мустаҳкамланиб бормоқда, – деди Али Риза Тезжан. – Ҳамкорлик алоқаларининг бугунги тенденциясига икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва қатъий қадамлари туфайли эришилганини эътироф этишни истардим. Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги Ўзбекистон билан муносабатларини бундан кейин ҳам фаол ривожлантириб боради. Ўйлайманки, бу халқларимиз тинчлиги ва фаровонлигига хизмат қилади.

Самимий руҳда ўтган учрашувда манфаатли алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, хусусан, ўзаро тажриба алмашинувини кенгайтириш, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлигининг кўмаги асосида таълим инфратузилмасини ривожлантириш, илғор тажрибаларни ўрганиш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Томонлар ўзаро ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини мамнуният билан билдирдилар.

Ташриф якунида Али Риза Тезжан Академиядаги янгиланишларни кўздан кечириб, илм-фан, таълим, халқаро ҳамкорлик ва кадрлар тайёрлаш самарадорлигини оширишга қаратилган бошқа муҳим йўналишлар фаолияти билан яқиндан танишди. Таълим жараёнига татбиқ қилинган илғор ёндашувларга юқори баҳо берди.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech