Ички ишлар вазирлиги академиясида Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) мустақил маслаҳатчиси Пьер Робер билан учрашув бўлиб ўтди.
Хорижлик мутахассисни академия бошлиғининг ахборот технологияларини ривожлантириш бўйича ўринбосари Нажмиддин Тўраходжаев кутиб олди.
Учрашув аввалида Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ишончли ва стратегик ҳамкорлик барча йўналишларда жадал ривожланиб бораётгани эътироф этилди. Германия халқаро ҳамкорлик жамияти томонидан Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар ва долзарб аҳамияти хусусида фикр алмашилди. Халқаро ташкилот кўмаги билан зўравон экстремизмнинг олдини олиш, ювенал адлия тизимини ривожлантириш, гендер тенглик, киберхавфсизлик ва бошқа йўналишларда ташкил этилаётган ҳамкорликдаги ўқув курслари ўзаро тажриба алмашиш учун кенг йўл очаётгани таъкидланди.
Пьер Робер ташкилот фаолиятининг устувор йўналишлари ва келгусида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар ҳақида маълумот берди. Унинг қайд этишича, “Марказий Осиё - Германия” формати доирасида минтақавий хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш ҳамкорликнинг устувор тамойили саналади.
Мулоқот давомида академия вакиллари томонидан қатор таклифлар билдирилди. Томонлар ҳозирги геосиёсий таҳдидлар шароитида ҳамкорликни фаоллаштириш, қўшма лойиҳалар бўйича “йўл харита”да чора-тадбирларни белгилаб олиш, муносабатларни янги форматда давом эттиришга келишиб олдилар.
ИИВ академияси Ахборот хизмати