Ички ишлар вазирлиги академияси ва Хитой Халқ Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети ўртасидаги алоқалар изчил ривожланмоқда.
Ўзаро ҳамкорлик меморандуми доирасида навбатдаги ўқув курси ташкил қилинди. Тадбирнинг очилиш маросимида академия бошлиғи Рустам Хатамов, хитойлик профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар, икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолатида эришилаётган салмоқли натижалар, кўплаб соҳалар қатори таълим тизимида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар эътироф этилди. Академия раҳбари ҳозирги глобал шароитда замонавий хавф-хатарлар кўлами тобора кенгайиб бораётганини қайд этиб, ҳамкорлик меморандуми муҳим йўналишларда тажриба алмашиш имконини бераётганини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, ўқув курсининг очилиш маросимида Хитой Жамоат хавфсизлиги университетининг Халқаро полиция тадқиқотлари факультети раҳбари ўринбосари, профессор Ду Ванг сўзга чиқди.
“Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона алоқалар икки томонлама муносабатларимиз ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўтган давр мобайнида таълим муассасаларимиз томонидан долзарб йўналишларга қаратилган қўшма дастурлар амалга оширилди. Муҳими, бу икки томон учун ҳам манфаатли бўлди, деб ўйланман. Биз ҳамкорлигимизнинг янада равнақ топиб, янги босқичга чиқишидан хурсандмиз. Ўйланманки, икки ҳафталик ўқув курси кадрлар тайёрлаш борасида Ўзбекистон тажрибасининг энг илғор жиҳатларини ўрганиш имконини беради”, - деди делегация раҳбари Ду Ванг.
Тадбирдан сўнг университет вакиллари дарс машғулотида қатнашиб, куннинг иккинчи ярмида академия фаолияти билан танишдилар. Таълим сифатини оширишга қаратилган инновацион ёндашувлар, бакалавриат ва магистратура тизимининг ўзига хос хусусиятлари, курсантлар учун яратилган замонавий шароитлар, айниқса ёшларнинг ватанпарварлик руҳини юксалтириш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Ўқув курси 28 октябрь кунига қадар давом этади.
ИИВ академияси Ахборот хизмати