ИИВ академиясида таълим олаётган магистратура тингловчилари учун Россия Федерацияси ИИВ Бошқарув академиясида ўқув курси ташкил этилди.
Ўқув курси давомида тингловчиларнинг бошқарув кўникмалари ва раҳбарлик компетенцияларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Малакали мутахассислар томонидан ички ишлар органлари соҳавий хизматлари фаолиятини ташкил этиш, замонавий таҳдид ва хатарларга қарши самарали курашиш, турли вазиятларда куч ва воситаларни мувофиқлаштириш, кадрлар билан тизимли ишлаш, рақамли технологиялар имкониятларидан унумли фойдаланиш, стратегик мақсад ва вазифаларни ишлаб чиқиш, бошқарув қарорларини қабул қилиш ҳамда бошқа долзарб йўналишларда машғулотлар ўтказилди.
Тингловчилар Бошқарув академиясида йўлга қўйилган таълим жараёнлари билан танишиб, халқаро тажрибанинг илғор жиҳатларини ўргандилар. Ўқув курси якунида вакилларимизга сертификатлар топширилди. Тадбирда икки томонлама ҳамкорлик доирасида ташкил этилаётган машғулотлар кадрлар салоҳиятини ошириш ва замонавий раҳбар кадрларни тайёрлаш, амалиётдаги инновацион ёндашувларни оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидлаб ўтилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати