18 январь куни Қатар Давлати пойтахти Доҳада Халқаро полиция академиялари ассоциацияси (INTERPA) Ижроия кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ички ишлар вазирлиги академияси вакиллари ҳам қатнашди.
Йиғилишни Ижроия кенгаш раиси, Туркия миллий полиция академияси президенти Йилмаз Чолак олиб борди. Кенгашга аъзо таълим муассасалари раҳбарлари кун тартибидаги асосий масалалар билан бирга, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик глобал муаммолар юзасидан фикр алмашдилар.
Мулоқот форматида ўтган йиғилишда амалга оширилган ишлар таъкидланиб, келгусидаги режалар муҳокама қилинди. INTERPA доирасида ўтказилиши назарда тутилган анжуманлар юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди. Йиғилиш иштирокчилари INTERPAнинг XII конференциясига бағишлаб чоп этилган китоб тақдимоти билан танишдилар.
Йиғилишда Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи Рустам Хатамов ҳам сўз олиб, ҳамкорлик фонида таълим интеграциясини кучайтириш муҳимлигини таъкидлади. Бу борадаги ишларнинг амалий ифодаси сифатида жорий йил июль ойида Академияда ташкил этилиши режалаштирилган криминалистика ўқув курси ҳақида маълумот берилди. Хорижий таълим муассасалари раҳбарлари эътиборига мазкур ўқув курси бўйича тайёрланган видеотақдимот ҳамда Академия фаолиятига оид видеоролик ҳавола қилинди. Ижроия кенгаш аъзолари томонидан ИИВ Академиясида ички ишлар органлари учун кадрлар тайёрлаш жараёнига татбиқ қилинган замонавий ёндашувларга юқори баҳо берилди.
Йиғилиш якунида Йилмаз Чолак жаҳондаги геосиёсий жараёнлар мураккаблашиб бораётган бир шароитда ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлаш, алоқаларни барқарор ривожлантириш зарур аҳамият касб этаётганини таъкидлаб, таклиф ва ташаббусларини илгари сурди.
Йиғилиш доирасида Ижроия кенгаш аъзолари Қатар полиция академиясида ўтказилган тантанали битирув маросимида иштирок этдилар. Шунингдек, таълим муассасалари раҳбарлари ўртасида қатор манфаатли учрашувлар бўлиб ўтди.
Хусусан, ИИВ Академияси бошлиғи Рустам Хатамов Қатар полиция академияси раҳбари Абдураҳмон Мажид ал-Сулаити билан учрашди. Мулоқотда икки давлат ўртасидаги муносабатлар тобора мустаҳкамланиб бораётгани эътироф этилди. Томонлар таълим соҳасида ҳамкорлик ва тажриба алмашинувини йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлаб, англашув меморандумини имзолашга келишиб олдилар.
Делегациямизнинг Туркия, Саудия Арабистони, Шимолий Македония, Мўғулистон ва Мальдив Республикаси вакиллари билан бўлиб ўтган мулоқотлари чоғида ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари юзасидан қизғин фикр алмашилди. Бундан ташқари, вакилларимиз Доҳа шаҳридаги полиция департаменти фаолияти билан танишдилар.
ИИВ академияси Ахборот хизмати