ИИВ Академиясида Германиянинг Фридрих Эберт жамғармаси минтақавий директори Филипп Ян бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот чоғида томонлар амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Ўқув муассасаси раҳбари Рустам Хатамов Ўзбекистон – Германия муносабатларида ўзаро ҳурмат ва ишонч, манфаатларни ҳисобга олиш тамойиллари устувор аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги алоқалар кўплаб соҳаларда изчил ривожланди. Томонлар БМТ, ЕХҲТ, Европа Иттифоқи ва бошқа тузилмалар доирасида глобал ҳамда минтақавий аҳамиятга молик масалалар бўйича самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда Германиянинг бир қатор ташкилотлари фаол иш олиб бормоқда ва ўзаро ҳамкорликда истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Муҳими, икки мамлакат ўртасидаги мустаҳкам алоқалар халқаро майдонда ҳам муносиб эътироф этилмоқда.
Филипп Ян ҳамкорлик алоқаларининг янги босқичга кўтарилгани ва тобора жадаллашиб бораётганидан мамнунлигини билдирди. Бугунги геосиёсий жараёнлар шароитида алоқаларни янада фаоллаштириш муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди. Шу билан бирга, жамғарманинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Баҳром Ражабов халқаро ташкилот фаолиятининг асосий йўналишлари, мақсад ва вазифалари ҳақида тўхталиб, ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳар икки томон манфаатларига хизмат қилишини айтиб ўтди.
Учрашувда таълим соҳасидаги самарали ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. ИИВ Академияси томонидан глобал хавф-хатар ва таҳдидларга қарши курашиш бўйича ўзаро тажриба алмашиш, профессор-ўқитувчилар учун долзарб мавзуларда ўқув курслари ташкил қилиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни ривожлантириш, илмий-тадқиқот фаолияти бўйича амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида таклифлар билдирилди. Томонлар учрашув якунлари бўйича қўшма чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишга келишиб олдилар.
Шу куни Филипп Ян таълим муассасасининг замонавий имкониятлари билан яқиндан танишди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун кадрлар тайёрлаш жараёнлари, халқаро ва миллий тажрибага асосланган илғор ёндашувлар, Академия инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган истиқболли лойиҳалар германиялик мутахассисда ижобий таассурот қолдирди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати