Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Ҳамкорлик алоқалари муҳокама қилинди

26 Феврал 2026, 19:06

97

АҚШ Федерал тергов бюроси вакили Роберт Уолкер мамлакатимизга сафари чоғида Ички ишлар вазирлиги академиясида бўлди.

Хорижлик меҳмон дастлаб ўқув муассасаси фаолияти билан яқиндан танишди. Ахборот-ресурс маркази, ихтисослашган мобиль транспорт воситалари, жанговар ва жисмоний тайёргарлик мажмуаси, маънавият ва маърифат марказида яратилган шароитларни кўздан кечирди.

Роберт Уолкер таълим жараёнига татбиқ қилинган илғор ёндашувлар, ақниқса дуал тизимда ўқитиш, ички ишлар органлари учун бошқарув кадрларини тайёрлаш, жиноячиликни илмий ёндашувлар асосида жиловлаш, халқаро ҳамкорлик алоқаларини изчил ривожлаштиришда эришилаётган ютуқларни юқори баҳолади.

Шундан сўнг академия бошлиғи Рустам Хатамов иштирокида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди. Самимий руҳда ўтган мулоқотда Ўзбекистон – АҚШ муносабатларининг бугунги ҳолатида манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.

Кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали алоқалар янги босқичга кўтарилгани, ўзаро ҳурмат ва манфаатларни ҳисобга олиш тамойилларига асосланган муносабатлар стратегик шерикликни чуқурлаштириш билан бирга, давлатларимизнинг халқаро майдондаги ишончли ҳамкор сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани эътироф этилди.

Учрашувда хавфсизлик ва барқарорликка таҳдидлар кучайиб бораётган ҳозирги шароитда ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорликни кучайтириш, кадрлар салоҳиятини ошириш, тажриба алмашинувини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Академия бошлиғи мулоқотнинг аҳамиятини алоҳида қайд этиб, қатор таклифларини билдириб ўтди.

Томонлар АҚШ Федерал тергов бюроси билан икки томонлама англашув меморандумини имзолаш, трансчегаравий жиноятларга қарши курашиш йўналишида ўқув курсларини ташкил этиш, таълим жараёнига малакали мутахассисларни жалб қилиш ҳамда бошқа муҳим йўналишларда алоқаларни йўлга қўйишга келишиб олди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech