10–12 июнь кунлари Бўстонлиқ туманидаги Ёшлар оромгоҳида “Ёшлар ва қонун” танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.
Президентимизнинг “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони, шунингдек 2022-2023 йилларда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш дастури ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган танловда ҳудудий босқичларда ғолиб бўлган 13 та жамоа иштирок этди.
Жамоалар “Муамоли вазиятга ҳуқуқий ечим”, “Ҳуқуқий пенальти”, “Менинг қонунчилик ташабуссим”, “Суд мажлиси модели” деб номланган тўртта шарт бўйича беллашдилар. Ғолиблар 14-18 ва 18-30 ёш иштирокчилар орасидан саралаб олинди. Танловда Сирдарё вилоятининг “Қалқон” жамоаси номидан иштирок этган ИИВ Академияси курсанти Тошмурод Абдураҳмонов 18-30 ёш тоифасида ғолибликни қўлга киритиб, диплом ва қимматбаҳо совға билан тақдирланди.
Айтиш жоизки, ёшлар билан мақсадли ишлашга қаратилган бу каби танловлар улар ўртасида олиб бориладиган маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш, келажагимиз ворисларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати