Ички ишлар вазирлиги академиясида “Касбий тайёргарлик ойлиги”га бағишлаб ўтказилган мусобақа ғолиблари тақдирланди. Таълим муассасаси раҳбарияти иштирок этган тадбир давлат мадҳияси ижроси билан бошланди.
Академия бошлиғи, полковник Рустам Хатамов сўзга чиқиб, мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, оммавий соғломлаштириш ҳаракатларини кенг тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида гапириб ўтди.
– Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан жамиятда соғлом турмуш тарзи ва спортни янада оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги йилларда мазкур соҳага оид бир қатор давлат дастурлари қабул қилиниб, ҳаётга изчил татбиқ этилди. Жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиш, жамият аъзоларининг барча қатламларини соғломлаштириш оммавий ҳаракатга айланди. Бу борада ички ишлар органлари тизимида ҳам соҳа ходимларининг касбий кўникмаларини юксалтириш, жисмоний ва маънавий саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда, – деди таълим маскани раҳбари.
Айтиш жоизки, “Касбий тайёргарлик ойлиги” доирасида ташкил этилган мусобақа муросасиз ва қизғин курашлар остида ўтди. Беш кун давомида жамоалар спортнинг арқон тортиш, тўсинда тортилиш, мини футбол ва ўқ отиш турлари бўйича совринли ўринлар учун беллашдилар. Мусобақа якунида жамоалар тўплаган очколар сарҳисоб қилинди. Унга кўра, ўқув-саф қисми офицерлари мусобақа ғолиблигини қўлга киритган бўлса, 2-ўрин бўлим-хизматлар жамоасига ва 3-ўрин юридик кафедралар жамоасига насиб этди.
Тадқирлаш маросимида ғолиб ва совриндорларга диплом, кубок ҳамда эсдалик совғалар тантанали равишда топширилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати