Президентимизнинг беш муҳим ташаббуси асосида ИИВ Академияси курсантлари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди.
“Заковат” клуби, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда ташкил қилинган тадбирда 93 та жамоа ИИВ Академияси бошлиғи кубоги учун беллашди.
“Ватанга ва халққа хизмат қилиш – олий бурчимиз” шиори остида ёшларни бирлаштирган интеллектуал ўйин баҳсларга бой ўтди. Ҳар бир жамоа саволларга аниқ манбалар асосида тўғри жавоб беришга ва совринли ўринлардан бирига эга чиқишга ҳаракат қилди.
Қизиқарли ўйин якунида биринчи ўринни “Офицер” жамоаси қўлга киритган бўлса, иккинчи ўрин “Олигарх” жамоаси курсантларига насиб қилди. Ниҳоят, учинчи ўринни “Локомотив” жамоаси эгаллади.
Тақдирлаш маросимида сўзга чиққанлар юртимизда оммавий-маърифий ҳаракатга айланиб улгурган интеллектуал ўйин иқтидорларни кашф этиш, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, ёшларни илм марралари сари руҳлантиришда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлаб, жамоаларга совғаларни топширдилар. Ғолиб жамоа эса кубокни қўлга киритди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати