ИИВ Академиясида Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси томонидан семинар-тренинг ташкил қилинди.
“Марказий Осиёда зўравон экстремизмнинг олдини олиш” минтақавий лойиҳаси доирасида ўтказилган машғулотларга Тошкент шаҳри ва вилояти ИИББларидан профилактика инспекторлари, вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологлар, шунингдек ИИВ Малака ошириш институти ҳамда Академия профессор-ўқитувчилари жалб қилинди.
Халқаро ташкилот мутахассислари вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда профилактик чора-тадбирларнинг аҳамияти, ушбу қатламдаги шахслар билан ишлашнинг интенсив ёндашувлари, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил вояга етмаганларни тарбиялашнинг ижтимоий-педагогик жиҳатлари, жамиятда уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашда ваколатли давлат органларининг вазифалари, айни масалада халқаро нормаларда назарда тутилган қоидалар бўйича ўз тавсияларини беришди.
Тўрт кун давом этган семинар-тренинг якунида иштирокчиларга халқаро ташкилот сертификатлари топширилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати