Бугун, 18 сентябрь куни ИИВ Академиясида бўлиб ўтган учрашув чоғида томонлар бу ҳақда келишиб олдилар.
Мулоқот аввалида икки давлат ўртасида мустаҳкам дўстлик ва ўзаро англашув анъаналарига асосланган амалий муносабатлар ўрнатилгани, ҳозирги кунда ҳамкорлик алоқалари кўплаб соҳаларда жадал ривожланиб бораётгани эътироф этилди.
Академия бошлиғи ўринбосари Руфтулло Нигматов меҳмонни қутлаб, таълим соҳасида илғор тажрибаларни оммалаштириш томонлар манфаатига хизмат қилишини алоҳида таъкидлади. Гданьск университетининг Ҳуқуқ ва бошқарув факультети декани, профессор Эдвард Юхневич ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш учун саъй-ҳаракатларни қатъий давом эттириш зарурлигини қайд этди.
Учрашувда таълим муассасалари ўртасида меморандум лойиҳасини ишлаб чиқиш, қўшма таълим дастурлари асосида таълим олувчилар ва профессор-ўқитувчилар учун ўқув курслари ташкил этиш, юридик фаннинг долзарб йўналишлари бўйича илмий-амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш, мавжуд салоҳият ва имкониятдан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати