Пойтахтимизнинг Чилонзор тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасида соҳавий хизматлар вакиллари билан учрашув ташкил этилди.
Тадбир ИИВ Академияси профессор-ўқитувчилари томонидан “Ўрикзор” маҳалласи мисолида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича “фуқаробай” ишлаш методик қўлланмасининг мазмун-моҳиятига бағишланди.
Учрашувда сўз олганлар янги таҳрирда тайёрланган мазкур қўлланма асосида ҳудудларда жиноятликни жиловлаш, криминоген вазиятни яхшилаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида амалга оиширилиши лозим бўлган вазифаларга тўхталиб ўтишди. Қайд этилганидек, қўлланмада маҳалла раислари ва фаоллари, ички ишлар органлари мутасаддилари, ҳудудларга бириктирилган секторлар вакиллари ҳамда профилактика инспекторлари учун аниқ вазифалар белгиланган бўлиб, мазкур чора-тадбирларни ҳаётга изчил татбиқ этиш мавжуд муаммоларни манзилли ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Тадбирда ИИВ Академияси кафедра бошлиғи, полковник Тўлқин Маматқулов ва подполковник Сирочжон Бердикулов томонидан қўлланманинг ўзига хос жиҳатлари, ички ишлар органлари тизимидаги улкан ислоҳотлар жараёнида амалиётга жорий қилинаётган замонавий ёндашувлар, хусусан, профилактик чора-тадбирларнинг аниқ механизмлари атрофлича тушунтирилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати