ИИВ Академиясида ички ишлар органларидаги кўп йиллик фаолияти билан тизим равнақига ҳисса қўшган фахрийлар учун тадбир ташкил қилинди.
Юртимизнинг азалий ва умрбоқий қадриятларини ўзида мужассам этган айём – Хотира ва қадрлаш байрами муносабати билан ўтказилган тадбир аввалида Академия бошлиғи Рустам Хатамов сўз олиб, соҳа фидойиларини қизғин муборакбод этди.
– “Инсон қадри улуғ” деган эзгу тамойилнинг амалий ифодаси, аввало, кексаларни қадрлаш, ёши улуғ устозларимизга эҳтиром кўрсатиш, уларнинг ҳолидан хабар олиш каби эзгу амалларда намоён бўлмоқда, – деди у. – Бугун барчамиз мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида улкан янгиланишлар рўй бераётган ислоҳотлар даврида яшаяпмиз. Янги Ўзбекистонда халқ манфаатлари устуворлигининг конституциявий норма даражасида мустаҳкамлангани муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган инсонпарвар сиёсатнинг юксак самарасидир.
Байрам тадбирида ички ишлар органлари тизимидаги изчил ислоҳотлар, соҳа ходимлари ва фахрийларини қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар эътироф этилди. Фахрийларнинг бой ҳаётий ва касбий тажрибаси ёш авлодни эртанги куннинг муносиб ворислари этиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
– Сўнгги йилларда фахрийларга эътибор янада кучайди, – дейди истеъфодаги генерал-майор Жўра Фозилов. – “Устоз-шогирд” анъаналари асосида ўтказилаётган учрашувлар нафақат ёшлар, балки биз кекса авлод вакилларига ҳам мотивацион куч бераяпти. Академиядаги янгиланишларни кўриб, шогирдларим билан суҳбатлашиб, ниҳоятда қувондим. Таълимни ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ишлар, замонавий шарт-шароитларга ҳавас қилса арзийди.
Истеъфодаги подполковник Радик Тумпаровнинг айтишича, байрам дастурхони собиқ ҳамкасблар билан ўтган ёрқин хотираларни ёдга солди. – Бу даргоҳ мен учун жуда қадрли. Боиси, хизмат фаолиятимни шу ерда бошлаб, нафақага чиққанман. Ички ишлар органлари тизимида йигирма йилдан зиёд меҳнат қилдим. Кўплаб ёшларга устозлик қилиб, касб сир-асрорларини ўргатдим. Бугун шогирдларим ардоғида эканим камтарона хизматимнинг қадр топаётганидан нишонадир.
Халқимизга хос фазилатларни тараннум этувчи миллий куй-қўшиқлар байрам дастурхонига ўзгача файз киритди. Бой тажрибага эга устоз-фахрийлар давлатимизнинг юксак эътибор ва ғамхўрлигидан мамнун бўлишди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати