Ёшларнинг ҳаётда ўз йўлини топишида катта авлод вакилларининг ўгитлари жуда муҳим.
ИИВ Ўқув-дала марказида академия курсантлари учун ташкил қилинган “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбирига истеъфодаги генерал-майор Тоҳир Муллажонов ва истеъфодаги полковник Ҳасан Сарабеков таклиф этилди.
Соҳа фахрийлари ўзларининг кўп йиллик хизмат йўллари ҳақида сўзлар экан, касб масъулияти, интизом, Ватанга садоқат, мардлик тушунчаларининг аҳамиятига тўхталдилар. Академияга эндигина қадам қўйган ёшларга билим олиш, мустақил ўқиб-изланиш, вақтни қадрлаш, устозлар маслаҳатига амал қилиш, келажак мақсадлар сари қатъият билан интилиш борасида тавсиялар бердилар.
– Биз ҳам бир вақтлар сизлар каби ёш эдик. Йиллар давомида тажриба орттирдик. Ҳаётнинг энг катта сабоғи шуки, инсон ўз устида ишлашдан тўхтамаслиги керак. Энг муҳими, ҳар бир вазиятдан тўғри хулоса чиқариб, устозлар ўгитига қулоқ тутиш керак, – деди Тоҳир Муллажонов.
Суҳбат давомида курсантлар устозларнинг хизмат ва ҳаёт йўлида орттирган сабоқлари ва ёш ходим учун муҳим бўлган фазилатлар ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати