ИИВ Академияси профессор-ўқитувчилари томонидан Фарғона ва Қўқон шаҳарларида навбатдаги сайёр машғулотлар ташкил қилинди.
Ички ишлар органлари тизимидаги кенг қамровли ислоҳотлар жараёнида профилактика инспекторларининг касбий билими, кўникма ва маҳоратини ошириш долзарб аҳамият касб этмоқда. Чунки, маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, хавфсиз муҳитни қарор топтириш, жиноятчиликни жиловлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш профилактика ишлари самарадорлигига боғлиқ.
“Сайёр Академия” доирасида профилактика инспекторлари учун “Маҳаллаларда ижтимоий профилактика субъектларининг фаолиятини самарали ташкил этиш”, “Содир этилган ҳуқуқбузарликни малакалаш (ҳуқуқий баҳо бериш)”, “Процессуал ҳужжатларни расмийлаштириш”, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси объектлари билан манзилли профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш” каби мавзулар бўйича машғулотлар ўтказилди.
Шунингдек ишчи гуруҳи томонидан ҳудудларнинг криминоген вазиятини ўрганиш асносида тайёрланган “Қўқон шаҳрида жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятини ташкил этиш методикаси” ҳамда “Ўғрилик жиноятларининг барвақт профилактикасини ташкил этиш” қўлланмалари тақдимот қилинди. “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида ижтимоий профилактикани ташкил этиш механизмлари атрофлича тушунтириб ўтилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати