ИИВ Академиясида “Ички ишлар органлари фаолиятини психологик таъминлаш: муаммо ва ечимлар” мавзуида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ички ишлар вазирлиги Касбий тайёргарлик бошқармаси, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети, Миллий гвардиянинг Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси, Қуролли Кучлар академияси, шунингдек бошқа турдош олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирни Академия бошлиғининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича ўринбосари, полковник Руфтулло Нигматов кириш сўзи билан очди.
Анжуман иштирокчилари “Ички ишлар органлари тизимида психологик хизматни такомиллаштиришнинг потенциал имкониятлари”, “Куч ишлатишга ваколатли тузилмаларда психология фанининг ютуқларидан фойдаланиш”, “Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг касбий фаолиятида мулоқотнинг роли”, “Миллий гвардия ҳарбий бўлинмаларида психологик хизмат фаолиятини ташкил этишнинг ўзига хос жиҳатлари”, “Ички ишлар органлари ходимларини касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш: муаммо ва ечимлар” мавзуларида маъруза ҳамда фикр-мулоҳазалар тингладилар.
Анжуман давомида соҳа мутахассислари томонидан психолог-инспектор тайёрлаш тизимига замонавий ёндашувларни жорий қилиш, номзодлар билан касбий-психологик танловни амалга ошириш тизимини такомиллаштириш, хорижий мамлакатларнинг илғор ёндашувларини ўрганиш бўйича тажриба алмашинувини кенгайтириш, амалиёт ходимларининг касбий малака ва кўникмасини ошириб бориш, ўқув-услубий фаолият самарадорлигини ошириш каби қатор йўналишлар бўйича таклиф ҳамда тавсиялар муҳокама қилинди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати