Ички ишлар органларида “Ёш китобхон” танловининг ИИВ Академияси босқичи ўтказилди.
Ёшларнинг интеллектуал салоҳияти ва иқтидорини рўёбга чиқариш, китоб ўқишга бўлган қизиқишини янада ошириш, билимга чанқоқ ўғил-қизларни муносиб рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган танлов икки босқични қамраб олди.
Дастлабки босқич тест синови шаклида ўтказилиб, ҳар бир иштирокчига 50 та савол йўлланди. Иккинчи босқичда эса ёш китобхонлар 3 та тур (“Бадиий асар билимдони”, “Тезкор савол-жавоб”, “Буюк мутафаккир ва адиб”) бўйича ғолиблик учун беллашдилар.
Танлов якунида Тезкор-қидирув фаолияти кафедраси ўқитувчиси, капитан Одилбек Ўринов биринчи ўринни, 114-гуруҳ курсанти Камронбек Исмоилов иккинчи ўринни ҳамда 222-гуруҳ курсанти Олавуддин Маликов учинчи ўринни эгаллади.
Эслатиб ўтамиз, “Ёш китобхон” танловининг якуний босқичи Ички ишлар вазирлиги марказий аппаратида ўтказилиб, унда саралаш босқичи ғолиблари иштирок этади.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати