ИИВ Академиясида вазирлик академик лицейлари ўқувчилари ўртасида ҳуқуқшунослик фани бўйича идоравий фан олимпиадасининг республика босқичи бўлиб ўтди.
Илғор билимли ёшларни аниқлаш ва қўллаб қувватлаш, уларнинг интеллектуал қобилиятини рўёбга чиқариш мақсадида ташкил этилган олимпиаданинг биринчи босқичи жойлардаги академик лицейларда ўтказилган эди. Республика босқичида ҳудудларда ғолибликни қўлга киритган 14 нафар ўқувчи қатнашди. Ўқувчиларнинг билим салоҳияти ёзма иш ва ҳуқуқшунослик фанига оид 50 та саволдан иборат тест синови орқали имтиҳон қилинди. Ҳакамлар ҳайъати аъзорари жараёнларнинг холис, адолатли ва шаффоф ўтишини кузатиб боришди.
Ниҳоят, якуний натижалар эълон қилинди. Унга кўра, ИИВнинг Тошкент вилоятидаги академик лицейи ўқувчиси Шаҳзод Жалолов жорий йилги фан олимпиадаси ғолиби бўлди. Иккинчи ўрин Андижон академик лицейи ўқувчиси Зикрилло Юлдашевга ва учинчи ўрин Наманган академик лицейи ўқувчиси Муштарий Фахриддиновага насиб қилди. Ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Шунингдек ИИВ Академияси раҳбарияти ташаббуси билан фан олимпиадасининг барча иштирокчилари Фахрий ёрлиқ ва “Лидерлар китоби” рисоласи билан рағбатлантирилди.
Айтиш жоизки, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 15 апрелдаги ПҚ-5076-сон қарорига биноан, академик лицейларнинг ҳуқуқшунослик фани бўйича идоравий фан олимпиадаси ғолиби бўлган битирувчилари Академияга ўқишга қабул қилиниши учун фақат махсус касбий танловдан муваффақиятли ўтиши етарли ҳисобланади.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати