Аввал хабар қилинганидек, Ички ишлар вазирлиги академиясида Хитой Жамоат хавфсизлиги университети талабалари учун ўқув курси ташкил қилинган эди.
Икки ҳафталик ўқув курси давомида академия профессор-ўқитувчилари томонидан турли мавзуларга бағишланган назарий ва амалий машғулотлар ўтказилди. Бундан ташқари, университет вакиллари мамлакатимиз ички ишлар органлари фаолияти билан яқиндан танишиш, тизимдаги илғор ёндашувлар бўйича ўзаро тажриба алмашиш имконига эга бўлдилар. Айниқса юртимизнинг тарихий қадамжолари, диққатга сазовор жойларига саёҳат, турли маданий-маърифий тадбирлар меҳмонларда ёрқин таассурот қолдирди.
Ўқув курсининг ёпилиш маросимига бағишланган тадбирда академия бошлиғи Рустам Хатамов сўз олиб, Ўзбекистон – Хитой муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилгани, дўстона алоқалар мамлакатларимиз миллий манфаатлари ва тараққиётига хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.
Шундан сўнг делегация раҳбари Ду Ванг бошлигидаги университет вакилларига сертификатлар топширилди.
“Ўзбекистонга ташрифимиз икки томонлама ҳамкорликнинг юксак ифодасидан далолат беради. Ўқув курси барчамиз учун қизиқарли ва таассуротларга бой ўтди. Талабаларимиз етук салоҳиятли профессор-ўқитувчилардан таълим олишди. Ўзаро мулоқотлар чоғида ўзбек халқининг тарихи, миллий маданияти ва қадриятлари, мамлакатингизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, кадрлар тайёрлаш тизимининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида кенг тасаввурга эга бўлдик. Айниқса буюк аждодларингиз қолдирган бебаҳо илмий мерос ва қадимий обидалар мени ҳайратга солди. Ўзбек ва хитой халқларини кўҳна цивилизация, азалий дўстлик ва замонавий тараққиёт боғлаб турганига яна бир бор амин бўлдим”, – деди университетнинг Халқаро полиция тадқиқотлари факультети раҳбари ўринбосари, профессор Ду Ванг.
Шунингдек, тадбирда Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси маслаҳатчиси Чэнь Юй иштирок этиб, икки томоннинг қатъий интилиши ва бир-бирини қўллаб-қувватлаши натижасида давлатларимиз ўртасидаги алоқалар изчил ривожланиб бораётганини, манфаатли ҳамкорлик барча соҳаларни қамраб олгани ҳолда минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётганини айтиб ўтди.
Тадбир якунида хитойлик меҳмонлар академияда йўлга қўйилган инновацион таълим жараёнлари, курсантлар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар ҳамда ўқув даргоҳининг улкан салоҳиятини эътироф этдилар.
ИИВ академияси Ахборот хизмати