Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Долзарб вазифалар белгилаб олинди

28 Январ 2026, 22:01

48

ИИВ академия бошлиғи Рустам Хатамов пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги криминоген вазияти мураккаб маҳаллаларда бўлди.

Ўрганишлар давомида Президентимизнинг жорий йил 5 январдаги маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қарори юзасидан амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Ишчи гуруҳ вакиллари дастлаб туман ҳокимлигида ташкил қилинган Республика идоралараро тезкор штаби фаолияти билан танишди. Масъуллар томонидан хавфсиз муҳит яратиш бўйича жорий қилинган янги тажриба ҳақида маълумот берилди. Ҳудудларда куну тун жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ҳақидаги хабарларга тезкор муносабат билдириш, куч ва воситаларни оқилона бошқариш орқали криминоген вазиятни барқарорлаштиришда эришилаётган натижалар таҳлил қилинди.

Шундан сўнг давлатимиз раҳбари қарорининг ижроси бўйича “Новза” ва “Бектўпи” маҳаллаларида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди. Академия бошлиғи “маҳалла еттилиги” вакиллари билан мулоқот қилиб, қарорда кўзда тутилган устувор вазифаларга тўхталди. Масъулларнинг ахборотини тинглаб, ишни янгича тизим асосида самарали ташкил этиш юзасидан ўз таклифларини билдирди.

Учрашувлар чоғида маҳаллаларнинг криминоген вазиятига салбий таъсир кўрсатаётган омилларни ўрганиш, ижтимоий профилактика самарадорлигини ошириш, оила-турмуш доирасида ҳамда аёллар ва ёшлар томонидан содир этилаётган жиноятларнинг барвақт олдини олиш, аҳоли билан ишлаш йўналишида қилинаётган ишлар таҳлил қилинди. Чораклик “йўл харита”ларда белгиланган чора-тадбирлар ва уларнинг ижросига эътибор қаратилди.

Академия бошлиғи давлатимиз раҳбари қарори маҳалла ҳаётига дахлдор барча муаммоларни ҳал қилишда масъулият ва жавобгарлик ҳиссини янада кучайтирганини таъкидлаб, масъуллар, “еттилик” тизими ходимлари ҳамда академиядан бириктирилган ишчи гуруҳ вакилларига бир қатор вазифаларни белгилаб берди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech