Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Долзарб талаб ва мезонлар етказилди

11 Сентябрь 2023, 09:09

941

ИИВ Академиясида магистратура тингловчилари билан учрашув бўлиб ўтди. Янги ўқув йили муносабати билан ўтказилган тадбирда таълим муассасаси раҳбари, полковник Рустам Хатамов иштирок этди.

Мулоқот аввалида ички ишлар органлари тизимидаги изчил ислоҳотлар, айниқса соҳа учун профессионал кадрлар тайёрлаш мақсадида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, таълим жараёнига татбиқ қилинган илғор ёндашувлар ҳақида сўз борди. Ўтган давр мобайнида магистратура фаолиятида эришилган натижалар эътироф этилиб, жорий ўқув йилининг устувор вазифаларига тўхталиб ўтилди.

Академия бошлиғи ҳозирги мураккаб шароитда ички ишлар органларининг фаолият самарадорлиги, қайси бўғин бўлмасин, ҳар бир раҳбарнинг етук салоҳияти, бошқарувчанлик фазилати, фидойилиги ва ватанпарварлигига боғлиқ эканини айтди.

– Президентимиз “таълимни ривожлантирмасдан туриб юксак тараққиётга эриша олмаймиз”, дея таъкидладилар. Соҳа учун бошқарув кадрларини тайёрлашда инновацион ёндашувларни кенг қўллаган ҳолда таълим сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки бугунги давр талаблари кечаги куннинг мезонларидан мутлақо фарқ қилади. Тизимдаги кенг қамровли ислоҳотлар замонавий билим ва тафаккурга эга, давр билан ҳамнафас, ҳар томонлама профессионал кадрлар тайёрлаш масъулиятини юкламоқда, – деди Академия бошлиғи.

Учрашувда янги авлод раҳбар кадрларидан талаб этилаётган энг асосий мезонлар, ички ишлар органларини самарали бошқаришнинг муҳим жиҳатлари, шунингдек ўқув ва хизмат интизомига амал қилиш юзасидан аниқ тавсиялар берилди. Тингловчилар юксак масъулиятни англаб, замонавий билим ва кўникмаларни пухта эгаллашлари, танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик фаолиятнинг асосий қоидаси бўлиши зарурлиги қайд этилди.

– Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, келажак мақсадингиз йўлида улкан қадам ташладингиз. Бу имкониятни муносиб қадрлаб, замонавий раҳбар ходимлар сифатида она Ватанимиз ва халқимизга садоқат билан хизмат қилишингизга ишонаман, – деди Академия бошлиғи.

Тадбир якунида магистратуранинг “ташкилий-стратегик бошқарув” ва “ташкилий-тактик бошқарув” йўналишларига қабул қилинган 75 нафар тингловчига “Лидерлар китоби” рисоласи совға қилинди.

 

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech