Ички ишлар вазирлиги академиясида бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашнинг долзарб масалаларига бағишланган илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Маълумотларга кўра, дунё бўйича ҳар йили 1 миллиарддан ортиқ бола турли хил зўравонликларга дучор бўлади. Кейинги ўн йилда айрим минтақаларда рўй берган ҳарбий тўқнашувлар натижасида 2 миллиондан зиёд бола нобуд бўлган. Бугунги кунда ҳар ўнинчи бола катталарнинг бешафқат ҳаракатлари қурбонига айланмоқда. Кўплаб болалар жисмоний ва руҳий тазйиқ одатга айланган оилаларда яшашга мажбур.
Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани), Ички ишлар вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар вакиллари, олимлар, экспертлар, олий таълим ва илмий-амалий тадқиқот муассасалари мутахассислари иштирок этган анжуманда бола ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидлаб ўтилганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда бола ҳуқуқлари соҳасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Соҳага оид бир қатор қонунлар ҳамда қонуности ҳужжатлари қабул қилинди. Амалдаги қонунлар ва кодексларга болаларга нисбатан турли тазйиқ ҳамда зўравонлик ҳолатларини бартараф қилиш бўйича жуда муҳим ўзгаришлар киритилди. Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) институти таъсис этилди.
Конференцияда Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Сурайё Раҳмонова, Криминология тадқиқот институти бошлиғи ўринбосари Шуҳрат Азим, Ички ишлар вазирлиги академияси профессори Наргиза Ашурова, Тошкент шаҳар ИИББ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази бошлиғи ўринбосари Зафар Исроилов ва бошқаларнинг маърузалари тингланди.
Мазкур соҳадаги ислоҳотлар билан бир қаторда, болаларнинг Конституция ва қонунларда кафолатланган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда ички ишлар органлари фаолиятини кучайтириш, бола ҳуқуқларига оид қонунчилик нормалари ва талабларининг ижросини таъминлаш, вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишнинг самарали механизмларини яратиш юзасидан таклиф ҳамда тавсиялар билдирилди.
Шу куни Ички ишлар вазирлиги академияси, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) ҳамда Криминология тадқиқот институти ўртасида икки томонлама меморандумлар имзоланди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати