Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

ДИПЛОМЛАР ТАНТАНАЛИ РУҲДА ТОПШИРИЛДИ

27 Май 2023, 09:05

1336

ИИВ Академиясининг Сиртқи таълим факультети ички ишлар органлари учун олий маълумотли мутахассис кадрлар тайёрлаш мақсадида ташкил этилган эди. Жорий ўқув йилида таълим муассасасини 400 нафардан зиёд тингловчи тамомлади. Улар орасида ички ишлар органлари билан бирга, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар ходимлари ҳам бор.

Шу муносабат билан Академиясида тантанали битирув маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия қўмондонлиги, ИИВ Малака ошириш институти вакиллари, профессор-ўқитувчилар ва битирувчилар иштирок этган тадбирда Академия бошлиғи, полковник Рустам Хатамов нутқ сўзлади.

– Барчамизга маълумки, муҳтарам Президентимизраҳбарлигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар “Инсонқадриучун” деганэзгуғояни рўёбга чиқаришга қаратилган, – деди Академия раҳбари. – Айни устувор мақсад ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар зиммасига ҳам улкан вазифалар юклайди. Бунда, энг аввало, қонун устуворлигини таъминлаш, жамиятда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, жиноятчиликни жиловлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш фаолиятимизнинг асосий мезонига айланиши керак.

Таълим муассасаси раҳбари ислоҳотлар суръати кучайиб бораётган ҳозирги даврда ҳар бир ходим профессионал билим салоҳияти, маънавий-ахлоқий фазилатлари, юксак касбий тайёргарлиги билан юртимизда кечаётган янгиланишларга муносиб ҳисса қўшиши лозимлигини таъкидлаб, бититувчиларни қизғин муборакбод этди. Шундан сўнг тингловчиларга олий маълумотли “юрист” малакасини берувчи димломлар тантанали равишда топширилди.

Айтиш жоизки, ўтган тўрт йил мобайнида таълим олувчиларнинг мутахассисликка оид билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида илғор педагогик ёндашувлар ўқув жараёнига татбиқ этилди. Машғулотлар малакали профессор-ўқитувчилар билан бир қаторда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда турдош олий таълим муассасаларининг тажрибали мутахассислари томонидан олиб борилди. Шунингдек, ҳудудий ички ишлар органларида малакавий амалиётлар ташкил қилинди. Ўқув йили якунида улар давлат аттестацияси имтиҳонларини топширдилар.

Тадбирда ҳамкор ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари ҳам сўзга чиқиб, она Ватанимиз ва халқимизга садоқат билан хизмат қилишни мақсад қилган битирувчиларга муваффақият тиладилар. Сафдошлари номидан минбарга кўтарилган Шоҳрух Рўзматов ва Шаҳноза Шукурова таълим берган устозлари меҳнатини эътироф этган ҳолда зиммаларидаги масъулиятни муносиб оқлашга ваъда беришди.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

 

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech