Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

ДИНИЙ-МАЪРИФИЙ СОҲАДАГИ ИСЛОҲОТЛАР ЭЪТИРОФ ЭТИЛДИ

10 Октябрь 2024, 09:10

196

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар Ички ишлар вазирлиги академияси профессор-ўқитувчилари ва магистратура тингловчилари билан учрашди.

Ахборот-ресурс марказида ўтган тадбирда муҳтарам Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган эзгу ишлар, халқимиз ҳаётида рўй бераётган ўзгаришлар, диний-маърифий соҳадаги  ислоҳотлар ҳақида сўз борди.  

Диний идора раиси юртимизда инсон қадри ва фаровонлигини юксалтириш йўлида қилинаётган хайрли ишларга тўхталиб, кейинги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар дунё ҳамжамияти томонидан юқори баҳоланаётганини эътироф этди.

– Мамлакатимизда диний бағрикенглик ва виждон эркинлигини таъминлаш учун барча шароитлар яратилмоқда. Халқимизга хос миллий ва диний қадриятлар тикланмоқда. Янги масжидлар барпо этилиб, улуғ алломаларимизнинг қадамжолари обод қилинмоқда. Буларнинг барчаси юртбошимиз томонидан олиб борилаётган очиқлик сиёсатининг самарасидир, – деди Шайх Нуриддин Холиқназар.

Тадбирда турли ихтилофлар рўй бераётган бугунги таҳликали даврда ислом динининг асл моҳиятини англаш, жамиятимизни дин ниқоби остидаги бузғунчи ғоя ва мафкуралардан асраш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш долзарб вазифа эканлиги айтиб ўтилди. Бунинг учун буюк аждодларимизнинг бой илмий меросини, муқаддас динимизнинг инсонпарвар ғоялари ёритилган асарларини ўрганиш ва ёшларимиз орасида кенг тарғиб қилиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

– Террорчилик ташкилотлари интернет тармоғи орқали одамлар онгини заҳарлашга ва ўз сафларини кенгайтиришга уринмоқда. Кейинги йилларда муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан алдов йўли билан экстремистик ғоялар таъсирига тушиб қолган кўплаб юртдошларимиз хорижий давлатлардан қайтарилди. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун ахборот-мафкуравий таҳдидларга қарши тарбиявий тарғибот ишларини кучайтиришимиз лозим, – деди академия бошлиғи Рустам Хатамов.

Учрашувда дунёвий ва диний давлат тушунчаларининг моҳияти, айрим минтақаларда юзага келаётган ижтимоий-сиёсий можаролар сабаблари, диний ақидапарастлик ғояларининг кучайиб боришига шароит яратаётган омиллар, ёшларимиз онгида соғлом маънавий-ахлоқий қарашларни шакллантириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалалари хусусида атрофлича мулоҳаза юритилди.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг фаолияти ҳақида маълумотларга эга бўлишди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech