Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

“ДАХЛДОРЛИК ҲИССИНИ АМАЛДА НАМОЁН ЭТИШИМИЗ КЕРАК”

25 Сентябрь 2024, 12:09

200

ИИВ академиясида Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов билан учрашув бўлиб ўтди.

Ўқув даргоҳи раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ҳамда магистратура тингловчилари иштирок этган тадбир Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланди.

Қўмита раиси жамият ҳаётининг барча жабҳаларида рўй бераётган ўзгаришларга тўхталар экан, халқимиз онгида янгича дунёқараш, атрофимиздаги янгиланишларга дахлдорлик ҳисси ортиб бораётганини эътироф этди.

– Чиндан ҳам, кейинги саккиз йил ичида демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамиятини қуриш йўлида қатъий қадам ташладик. Юртимизда инсон қадри юксалди, одамларни рози қилиш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, қонун устуворлигига эришиш мамлакат тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлашнинг устувор мезонига айланди. Муҳтарам Президентимизнинг очиқ ички ва ташқи сиёсати туфайли Ўзбекистон жадал ўзгаришларга юз тутаётган давлат сифатида эътироф этила бошланди, – деди Қутбиддин Бурхонов.

Учрашувда мамлакатимиз ҳаётида туб бурилиш ясаган конституциявий ислоҳотлар, янгиланган Конституциямиздаги устувор тамойилларнинг мазмун-моҳияти ва пировард мақсади, қонун ижодкорлиги соҳасидаги янгиликлар, қолаверса, шу йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловининг ўзига хос жиҳатларига тўхталиб ўтилди.

Таълим муассасаси раҳбари Рустам Хатамов ислоҳотлар даврида ички ишлар органлари фуқароларимизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлайдиган тизим сифатида шаклланиб бораётганини алоҳида қайд этди. Айниқса ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган механизмларнинг амалиётга самарали татбиқ этилаётгани маҳаллаларни обод ва хавфсиз ҳудудга айлантиришда муҳим аҳамият касб этаётгани айтиб ўтилди.

– Халқчил тизим, бу аввало, одамларнинг дарду ташвиши билан яшаш, тинч-осуда ҳаётини таъминлаш, куну тун эл-юрт равнақи учун хизмат қилиш дегани. Бунинг учун ҳар бир ходим ўз ишига сидқидилдан ёндашиши, ҳар қандай шароитда ҳам она Ватанимиз ва халқимиз манфаатларини устун қўйиши, дахлдорлик ҳиссини амалда намоён этиши керак, – деди академия бошлиғи.

Тадбир якунида магистратурада таълим олаётган бўлажак раҳбар кадрларга зарур тавсиялар берилди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech