Ички ишлар вазирлиги Академиясида Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти йўналишида таҳсил олаётган курсантлар учун “Ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш – тинчлик ва осойишталик гарови” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Ўқув жараёнида назария ва амалиёт уйғунлигини мустаҳкамлаш таълим сифатини янада оширишга хизмат қилади. Шунинг учун Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти кафедраси томонидан ташкил этилган тадбирга бой амалий тажрибага эга амалиётчи ходимлар ҳам таклиф этилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар Олмазор тумани ИИО ФМБ профилактика катта инспектори, подполковник Иномжон Қаландаров курсантларга айни вақтда профилактика инспекторларига қўйилаётган талаблар, уларнинг халқ билан мулоқот чоғида нималарга эътибор беришлари, иш фаолиятини қай тарзда ташкил этишлари ҳамда маҳаллаларда вазиятни барқарор сақлаш, аҳоли муаммоларини бартараф этиш, “маҳаллабай”, “хонадонбай”, “фуқаробай” ишлаш тизими орқали маҳалладаги соғлом маънавий муҳитни қай тарзда ушлаб туриш бўйича амалий тажрибаларни ўртоқлашди.
Давра суҳбатида “Аёллар томонидан содир этиладиган ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва шароитлари профилактикаси”, “Муқаддам судланган шахслар билан ишлашнинг ўзига хос жиҳатлари” ва “Ҳуқубузарликларни барвақт олдини олишдаги муаммо ва ечимлари” мавзуларида маърузалар тингланди.
Курсантлар тадбир якунида ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан атрофлича жавоб олишди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати