ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида ўтказилган давра суҳбати соҳага оид ислоҳотларга бағишланди.
Соҳа вакиллари, етакчи мутахассислар, ИИВ Академиясининг Автомобиль тайёргарлик кафедраси профессор-ўқитувчилари ва 2-ўқув курси курсантлари иштирок этган тадбирда йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тизимли чора-тадбирлар ҳақида сўз борди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида “йўл инфратузилмасини такомиллаштириш ва хавфсиз ҳаракатланиш шароитларини яратиш орқали йўлларда авария ва ўлим ҳолатларини қисқартириш, шу жумладан ҳаракатни бошқариш тизимини тўлиқ рақамлаштириш ва жамоатчиликнинг ушбу соҳадаги ишларда кенг иштирокини таъминлаш” бўйича алоҳида вазифалар белгиланган.
Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 4 апрелдаги ПҚ-190-сон қарорида автомобиль йўллари инфратузилмасини такомиллаштириш ва уларнинг сифатини яхшилаш, йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсиз ҳаракатланиши учун ишончли шарт-шароитлар яратиш, ҳайдовчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш маданиятини ошириш, соҳани тўлиқ рақамлаштириш каби устувор йўналишларнинг назарда тутилгани соҳа фаолиятини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этди.
Давра суҳбатида ИИВ ЖХД ЙҲХХ етакчи мутахассиси, подполковник Шерзод Карабаев, Йўл ҳаракати хавфсизлиги муаммоларини ўрганиш маркази ходими, капитан Фаррух Мамазияев, Академиянинг Автомобиль тайёргарлик кафедраси бошлиғи, подполковник Саъдулла Калауов тизимдаги кенг қамровли ислоҳотларга тўхталиб, курсантларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати