2 июль – Ўзбекистон Республикасининг давлат герби қабул қилинган кун. Сана муносабати билан Ички ишлар вазирлиги академиясида ўтказилган тадбирда миллий тимсолимизнинг юксак қадр-қиммати ва улуғвор қудрати эътироф қилинди.
Давлат рамзлари ҳар бир халқнинг миллий ғурури, ор-номуси ва шон-шарафини намоён этади. Ўзбекистон Республикасининг давлат герби халқимизнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзида мужассам этган муқаддас тимсол сифатида барчамизни Ватан равнақи йўлида бирлашишга, мустақиллигимизни кўз қорачиғидай асрашга даъват этиб туради. Шунинг учун ҳар бир юртдошимиз давлатимизнинг улуғ рамзи бўлган герб билан ҳақли равишда фахрланади. Айниқса ўсиб келаётган ёш авлод қалбида ватанпарварлик, фидойилик, мардлик ва садоқат фазилатларини мустаҳкамлашда унинг аҳамияти беқиёс.
Тадбирда сўз олганлар Ўзбекистон Республикаси давлат гербининг ҳуқуқий асослари, қонунчиликда назарда тутилган муҳим тартиб-тамойиллар, гербимиздаги тимсолларда акс этган улуғвор ғоялар ҳақида тўхталиб ўтишди. Мамлакатимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро давлат рамзларига ҳурмат билан муносабатда бўлиши, миллий тимсолларда халқимизга хос умрбоқий қадриятлар, Ватанга чексиз меҳр-муҳаббат, эзгулик, бунёдкорлик, поклик, фаровонлик сингари олийжаноб туйғулар мужассам эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Дарҳақиқат, гербимиз ифтихор ва ғурур рамзидир. Ундаги ҳар бир тасвир, ранг, чизиқ ва белги юртнинг фаровонлик йўлидаги орзу-умидларини ифодалайди. Бинобарин, давлат рамзларини ҳурмат қилмай туриб, миллий юксалишга эришиб бўлмайди.
Шу куни Академия кундузги таълим курсантлари ўртасида “Қадрли ва муқаддас тимсол” мавзуида иншолар танлови ҳам ўтказилди. Ёшлар онгу шуурига давлат рамзларига нисбатан чуқур ҳурмат туйғуларини сингдириш, уларни Ватанимиз тақдири, эртанги куни ва истиқболига юксак дахлдорлик руҳида камол топтириш, буюк аждодларимизга муносиб ворислар этиб тарбиялаш мақсадида ташкил этилган танлов якунида энг яхши ижодий ишлар саралаб олинди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати