Бугун Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинганига 35 йил тўлди. Шу йиллар мобайнида байроғимиз миллий мустақиллигимиз, тинч-осуда ҳаётимиз, эртанги кунга бўлган ишончимиз тимсолига айланди.
Тарихий сана муносабати билан Ички ишлар вазирлиги академиясининг Хорижий кадрлар билан ишлаш факультетида учрашув ўтказилди. Маърифий тадбирга республикамиз суд-ҳуқуқ тизимида кўп йиллар фаолият юритган ҳуқуқшунос олима, юридик фанлар доктори, профессор Мавжуда Ражабова таклиф этилди.
Айтиб ўтилганидек, 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган байроғимиз миллий давлатчилик рамзи бўлиб, унда халқимизнинг бой тарихи, эзгу орзу-интилишлари, келажак умидлари мужассам. Унинг баланд ҳилпираши ҳар бир юртдошимиз қалбида Ватанга дахлдорлик, фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотади.
Байроғимиздаги ҳар бир ранг, ҳар бир белги ўзига хос маънога эга. Ундаги мовий ранг куч-қудратни, тинчлик ва барқарорликни ўзида акс эттиради. Оқ ранг поклик, беғуборликни ифодалаб келган. Яшил ранг яшариш ва янгиланиш рамзи, она табиатимиз, асрий қадриятларимиз, иймон-эътиқодимиз тимсоли ҳисобланади. Қизил чизиқлар эса томиримиздаги аждодлар қони – мангулик нишонасидир.
Тадбирда Ўзбекистон байроғининг яратилиш тарихи, сиёсий-ижтимоий ва маънавий ҳаётимиздаги ўрни, ёш авлод қалбида давлат тимсолларига ҳурмат, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини мустаҳкамлаш масалалари ҳақида сўз борди. Давлат рамзларига эҳтиром юртга муҳаббат ва садоқат ифодаси эканлиги айтиб ўтилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати