ИИВ Академияси шахсий таркиби учун ташкил этилган маънавият ва маърифат дарси атоқли адиб Абдулҳамид Чўлпоннинг ижодига бағишланди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи бош илмий ходими Баҳром Ирзаев сўз олиб, жадид боболаримизнинг ҳаёти ва меросини ўрганишга қаратилган ишлар ҳақида тўхталди.
Тарихшунос олим XX аср бошларида Туркистон ўлкасида рўй берган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, Абдулҳамид Чўлпоннинг мураккаб ҳаёти ва ижоди, сиёсий-мафкуравий қарашлари, истибдод зулмидан халос бўлиш йўлида олиб борган курашлари, буюк истеъдод соҳибининг аянчли қисмати ва адабиётимизга қўшган улкан ҳиссаси ҳақида маъруза қилди.
Машғулот сўнггида таниқли шоир ва драматург Усмон Азимнинг “Кундузсиз кечалар” асари асосида саҳналаштирилган спектакль намойиш қилинди. Саҳна асарида асосий ролларни Ўзбек миллий академик драма театри актёрлари ҳамда Академия курсантлари ижро этишди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати