Юртимизда миллий адабиётимизнинг бой хазинасини ёш авлодга етказиш йўлида ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса сўнгги йилларда адабиётга ихлосманд ўғил-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларга рағбат бериш устувор вазифалардан бирига айлайди.
Ички ишлар вазирлиги академиясида ташкил этилган сайёр адабиёт дарси ёшларнинг ватанпарварлик фазилатларини юксалтиришда алоҳида аҳамият касб этди. Унда “Чўлпон” номидаги стипендияга сазовор бўлган курсантлар адибнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ўз тенгдошларига сўзлаб бердилар. Маърифатпарвар шоирнинг инсоний фазилатлари, юксак истеъдоди, мураккаб ва серқирра фаолияти хусусида айтилган мулоҳазалар ёшларга маънавий озуқа берди.
– Чўлпон ғоят таҳликали замонда яшаганига қарамай, ўзбек адабиётида сўнмас из қолдирди. XX аср бошларида рўй берган тарихий-сиёсий воқеалар силсиласида у миллатимиз бошига тушган фожиали кунларни қаламга олди. Абдулҳамид Чўлпоннинг она юртимизга чексиз муҳаббати, улкан маънавий жасорати ва матонати ўсиб келаётган биз ёшлар учун ибратдир, – дейди 320-гуруҳ курсанти Севдиёр Абдуназаров.
Тадбир давомида ёшлар Чўлпон музейи, “Ватанпарварлик” бурчагини томоша қилиб, юртимиз озодлиги ва тинчлиги йўлида қаҳрамонлик кўрсатган буюк аждодларимиз ҳамда жасур замондошларимизнинг ибратли ҳаёти билан танишдилар.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати